1-декабрь – Бутун жаҳон ОИТСга қарши кураш куни

1 Декабрь 2023, 12:27
Университет янгиликлари

Ҳар йили 1-декабрь анъанавий равишда “Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни” сифатида нишонланади. ОИВ инфекцияси ҳозирги куннинг глобал муаммоларидан бири саналади. “АСР ВАБОСИ” номини олган ушбу иммун, яъни касалликларга қаршилик етишмаслиги хасталигини олдини олиш, даволаш, тарқалишига йўл қўймаслик нафақат тиббиёт ходимлари, балки барча-барчамизнинг муҳим ишимиз бўлиб қолмоқда. Бунинг учун аҳолига, хусусан ёшларга ОИТС ҳақида илмий асосланган, мукаммал тушунчаларни етказишнинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Айни мавзуда 29-ноябрь куни Кимё-биология факультетида ташкил этилган тадбирга маърузачи сифатида вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассиси, олий тоифали шифокор З.Некбоева таклиф этилди. Маърузада мазкур касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, юқиш ҳолатлари ҳамда ОИТСга қарши курашишнинг қонуний асослари ҳақида муҳим маълумотлар берилди. Шунингдек, мавзу доирасида савол-жавоблар ҳам бўлиб ўтди.