Очиқ эшиклар куни: “Тарғибот поезди” лойиҳаси иштирокчилари университетда

1 Декабрь 2023, 12:31
Университет янгиликлари

Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Қарши давлат университетида Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс-назорат” тизимини бошқариш бўлими томонидан “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Олий таълим муассасасида очиқликни таъминлаш, коррупсион хатарларнинн олдини олиш ва бартараф этиш, соҳада замонавий коррупцияга қарши курашиш тизимларини жорий этиш каби масалаларга бағишланган мазкур тадбир “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни”га бағишланган Аксилкоррупция ойлиги доирасида уюштирилди. Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этди. Шунингдек, “Очиқ эшиклар куни”га "Янги Оʻзбекистонни биргаликда қурамиз" шиори остида Тошкент давлат юридик университетининг малакали профессор-ўқитувчилари бошчилигида иқтидорли талабалардан иборат “Тарғибот поезди” лойиҳаси аъзолари ташриф буюрди. 

Тадбирда дастлаб Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс-Назорат” тизимини бошқариш бўлими бошлиғи Х.Исматов бўлим фаолияти, очиқлик, шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда Аксилкоррупция ойлиги доирасида ўтказилган турли танловлар, лойиҳалар, очиқ мулоқотлар ва давра суҳбатлари хусусида батафсил маълумот берди. Фалсафа ва социология кафедраси доценти Т.Қурбонов “Коррупция тушунчаси ва коррупцияга қарши курашиш тизимининг ривожланиши” мавзусида маъруза қилди. Тадбир давомида Тошкент давлат юридик университети Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедра профессори в.б. Ш.Хайдаров “Коррупцияга қарши курашиш борасида хорижий давлатлар тажрибаси” мавзусида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. 

Шундан сўнг, Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс-Назорат” тизимини бошқариш бўлими ҳамда университет Ходимлари ва талабалари касаба уюшма қўмитаси” ҳамкорлигида ўтказилган “Коррупция-тараққиёт кушандаси” мавзусида “Энг яхши иншо” танлови, “Коорупсиясиз ҳаёт сари” шиори остида “Заковат” беллашуви, “Биз биргаликда коррупцияни тўхтамиз” шиори остида “Энг яхши тарғибот материали” видеороликлар танлови, “Биз ёшлар коррупцияга йўқ деймиз” шиори остида расмлар танловларнинг университет миқёсида ғолиб ва совриндор талабалари диплом ва совғалар билан тақдирлади. Тадбир якунида Тошкент давлат юридик университетидан талабалари томонидан қизиқарли  “Блитс савол-жавоб” бўлиб ўтди ва фаол иштирок этган талаба-ёшлар рағбатлантирилди.