
Янги Ўзбекистон – инсoн ҳуқуқлари
Ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, уларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссини шакллантириш жамиятимиз олдида турган устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу маънода, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни такомиллаштириш юзасидан муҳим қадамлар қўйилмоқда.
Айни кунларда Қарши давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан “Янги Ўзбекистон – инсон ҳуқуқлари” мавзусида умуммиллий дарслар бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, бугун Санъатшунослик, Спорт ва Физика факультетларида ташкил этилган машғулотларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Мавзу доирасида амалий мисоллар келтирилди.
Таъкидланганидек, янгиланган Конституциямизда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади – ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини конституциявий асослар мустаҳкамлади. Дарс машғулотларида Миллий ғоя, маънавият асослари кафедраси ўқитувчилари Д.Суннатов, С.Ашурова маъруза қилди.