Университет тасарруфидаги техникумлар фаолияти такомиллаштирилади

Бугун Қарши давлат университети ректори, профессор Д.Набиев, профессор-ўқитувчилар иштирокида олийгоҳ тасарруфидаги Косон агротехнологиялар техникуми ва Ғузор саноат техникумида мулоқот ташкил этилди. Унда жорий йилнинг 5 февраль куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган қатор устувор вазифалар хусусида сўз борди.

Жумладан, йиғилишда қайд этилган:

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб, техникумларнинг 1-2-курсидаги таълим дастурлари, дарсликлари, ўқувчиларнинг малакасини баҳолаш мезонлари ва педагогларнинг малакасига қўйиладиган талабларни олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларига қўйилган малака талаблари билан бир хил бўлишини таъминлаш;

Техникумларда ҳам “кредит модуль тизими” жорий қилиниб, ўқувчиларнинг фанни ўзлаштириш бўйича тўпланган кредитлари олий таълим муассасаларида ўрнатилган тизимга мос бўлишига эришиш;

Коллеж-техникумда икки йил давомида етарли “кредит” тўплаган ўқувчилар “2+2” ёки “2+3” дастурлари асосида олий таълим муассасаларининг иккинчи ёки учинчи курсларида таълимни давом эттириш имкониятига эга бўлишини таъминлаш каби таклифлар муҳокама қилинди.

Университет раҳбари Д.Набиев техникумларда кредит-модуль тизимида “2+2” ёки “2+3” дастури асосида ташкил этиладиган таълим йўналишлари рўйхатини шакллантириш, кафедралар филиалларини ташкил этиш, моддий-техник базани яхшилаш, техникумларнинг университет ўқув режа ва таълим дастурларига мувофиқлигини ишчи гуруҳ тузган ҳолда ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Тадбирда мавзу юзасидан қатор мулоҳазалар билдирилди.