Очиқ осмон остида драмавий томоша

24 Апрель 2025, 05:40
Университет янгиликлари

Қарши давлат университети талабалар турар жойларида яшайдиган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш мақсадида навбатдаги маданий тадбир ташкил этилди. Университет тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи ҳовлисида ўзига хос саҳна безаклари билан намойиш этилган ушбу спектаклда тоталитар тузум даврида 100 мингдан ортиқ инсон ҳаётини издан чиқараган қатагон сиёсатининг шиддатли даврлари акс эттирилди. Асарда айниқса, ана шу сиёсий таъқиб қурбонларидан бири — прокуратура органи ходими Бадриддин Шариповнинг оғир ва синовли тақдири марказий образ сифатида гавдалантирилган. Спектакль Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб Фармон Тошевнинг "Фидоий" асари асосида, режиссёр Фарҳод Бойназаров томонидан саҳналаштирилди. Унда вилоят мусиқали драма театри актёрлари маҳорат билан ролларни ижро этдилар. Томоша талабалар қалбида чуқур таассурот қолдириб, уларни тарихий ҳақиқатлар устида яна бир бор ўйга толдирди.