
Қарши давлат университетида “GEE–2025” халқаро анжумани: яшил энергетика ва иқтисодиёт йўналишида илмий ҳамкорлик
Жорий йилнинг 2–3 май кунлари Қарши давлат университетида “GEE–2025 — Яшил энергетика ва яшил иқтисодиёт” мавзусига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли тадбирда Италия, Россия, Белорусия, Эрон, Бошқирдистон, Қирғизистон каби қатор давлатлардан хорижлик олимлар, шунингдек, юртимиздаги илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларининг академиклари, профессор-ўқитувчилари, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчилар ҳамда иқтидорли талаба-ёшлар иштирок этди. Анжуманнинг асосий мақсади — глобал миқёсда долзарб аҳамият касб этаётган “яшил иқтисодиёт”, “яшил энергетика” ва “яшил ривожланиш” концепцияларига илмий ёндашувни чуқурлаштириш, халқаро тажриба ва замонавий инновацияларни ўзаро алмашиш орқали Ўзбекистон ҳамда минтақавий иқтисодиётни экологик барқарор ривожлантиришга ҳисса қўшишдан иборат бўлди. Конференция доирасида етакчи олимлар, амалиётчилар, тадқиқотчилар ва ёш мутахассислар “яшил иқтисодиёт”ни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича ўз илмий қарашлари, инновацион лойиҳалари ва амалий тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Анжуман шўба йиғилишлари шаклида давом этди. Тадбир давомида иштирокчилар илмий мақолалар орқали иқтисодий ва энергетик ресурслардан самарали фойдаланиш, рақамли технологияларни татбиқ этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, янги материаллар яратиш бўйича истиқболли имкониятларни кўриб чиқдилар.