
Қарши давлат университети битирувчиси халқаро илмий майдонда
Қарши давлат университети Математика йўналиши битирувчиси Жабборов Асрорбек Чори ўғли халқаро илм-фан майдонида юксак натижаларга эришмоқда. У 2022-йилда бакалавриат босқичини муваффақиятли тамомлаб, дунёнинг ТОП-260 (2023-йил ҳолатида) олий таълим муассасаси рўйхатида қайд этилган Россия Федерациясининг Новосибирск давлат университети (Новосибирск государственний университет — НГУ) магистратура босқичига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган. Жорий йилда Асрорбек ушбу университетда профессор Дмитрий Леонидович Ткачев илмий раҳбарлигида “Чексиз цилиндрсимон каналдаги полимер суюқлигининг чизиқли муаммосининг спектри” мавзусида ёзилган магистрлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. У ўзининг илмий салоҳияти ва билимга чанқоқлиги билан бир қатор йирик олимпиада ва танловларда ғолиб чиққан. Хусусан, у Россия Федерациясининг “Open Doors” халқаро олимпиадаси ғолиби бўлиб, ҳозирда НГУ аспирантурасига имтиёзли асосда ўқишга тавсия этилган. Бугунги кунда Асрорбек ёш тадқиқотчилар, талабалар ва иқтидорли ўқувчиларни бирлаштириш мақсадида ташкил этилган "Bolshaya matematicheskaya masterskaya" (БММ) — 2025-йилги ёзги мактабида иштирок этмоқда. Мазкур икки ҳафталик илмий мактабда иштирокчилар реал ҳаётдаги мураккаб илмий ва технологик муаммоларни жамоаларда ишлаш орқали ечишга ҳаракат қилишади. Асрорбекнинг бу каби ютуқлари нафақат университетимиз, балки мамлакатимиз ёш авлодига ҳам катта илҳом ва намуна бўлиб хизмат қилади.