“Моҳир қўллар” – анъанадан ҳунарга

Азалий урф-одатларимиз ва миллий қадриятларимизга таянилган қўл меҳнати санъати асрлар давомида чевар аёллар маҳорати билан бойиб, нафосат касб этмоқда. Бугунги кунда эса миллий услубда яратилаётган тақинчоқлар, сумкалар ва безакли буюмлар талаба-қизларимизнинг энг севимли машғулотларидан бирига айланди. Мунчоқлар билан безатилган келинлик тақинчоқлари, замонавий дизайндаги сумкалар ва акцессуарлар учун махсус мосламалар харидоргир маҳсулот сифатида эътироф этилмоқда. Ушбу жараён “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур ташаббус ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларда ҳунар ва меҳнатга бўлган қизиқишни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Қарши давлат университетидаги “Моҳир қўллар” тўгараги аъзолари буюртма асосида маҳсулот тайёрлаш билан бирга, ўзларига даромад олиш имкониятини ҳам яратишмоқда. Улар ҳунармандчилик орқали миллий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.