Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси таркибидаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University), Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда Қарши давлат университети ҳамкорлигида “Сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбирда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази бўлим бошлиғи Камола Нуриддинова Республикадаги экологик ҳолат ва экология ташкилотларининг фаолияти ҳақида маъруза қилди. Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш шуъба бошлиғи Азамат Ҳамдамов атмосфера ҳавосининг ҳимояси бўйича долзарб масалаларни ёритди. Қарши давлат университети Агрономия ва экология кафедраси доценти Нигора Базарова эса экологик маданиятни шакллантириш мавзусида чиқиш қилди.
Семинар-тренинг давомида экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича муҳим тавсиялар берилди.