Қадринг баланд бўлсин, она тилим!
2025-йил 21-октябр куни Қарши давлат университетида "Глобаллашув даврида тил ва таълим: назария ва амалиёт" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Тадбирда чет эл ва республикамиздаги олий таълим муассасалари олимлари ҳамда ЗООМ орқали мутахассислар қатнашди. Дастлаб Ўзбек тили байрами ҳамда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 36 йиллиги муносабати билан вилоят ҳокими ва университет ректорининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Анжуман ялпи йиғилишда профессор Б.Менглиев “Она тили – миллат кўзгуси” мавзусида, туркиялик олимлар Ҳ.Байдемир ва Р.Каркинли эса ўзбек ва турк тиллари ҳамда луғатшунослик бўйича маърузалар билан чиқиш қилдилар. Шунингдек, Ўзбек тилшунослиги кафедраси томонидан тайёрланган “Қашқадарё вилояти жой номлари изоҳли луғати” китоби тақдим этилди. Тадбир якунида вилоят ҳокимлиги томонидан олимларга эсдалик совғалари топширилди. Конференция шўбаларда ишини давом эттирди.