Қалб боғининг боғбонисиз устозлар!

2 Октябрь 2025, 11:00
Университет янгиликлари

Ўқитувчи — қалбларга нур сочувчи, инсонни маърифат йўлига бошловчи, сабр ва матонати ила келажакни бунёд этувчи улуғ зотдир. Устоз — қалб кашфиётчиси, сабр ва бардош тимсоли, доно сўз ва оқилона фикрда ўрнак бўлувчи сиймо. Меҳр-муҳаббати ва зиёси билан ҳар бир шогирд қалбини маърифат чироғи ила ёритади. 1-октябр — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан вилоят мусиқали драма театрида “Қалб боғининг боғбонисиз устозлар!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Қарши давлат университетининг профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари иштирок этдилар. Тадбир аввалида Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор О.Кузиев университет ректорининг самимий табригини жамоага етказди. Сўнг театр ижодкорлари томонидан тайёрланган байрам дастури намойиш этилди. Машҳур комедик спектакллардан ижро этилган парчалар йиғилганларга қувонч ва кулгу улашган бўлса, оҳангдор куй ва дилбар қўшиқлар томошабинларни рақсга чорлаб, байрам шукуҳини янада оширди. Байрамона тадбир устозлар шаънига бўлган чуқур ҳурмат, самимий миннатдорлик ва эзгу тилаклар руҳи билан йўғрилиб, барчага унутилмас таассуротлар бағишлади.