“Судя ва ёшлар” учрашуви: никоҳ шартномаси – оила мустаҳкамлигининг ҳуқуқий кафолати

24 Октябрь 2025, 05:49
Университет янгиликлари

Қашқадарё вилоят суди ташаббуси билан Қарши давлат университетида “Судя ва ёшлар” учрашуви ўтказилди. Тадбирни Қарши давлат университетининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Ойбек Кузиев кириш сўзи билан очиб берди. Сўнг Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов маъруза қилиб, жорий йил 14-октябр куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ажримларнинг олдини олишда никоҳ шартномасининг афзалликларини ёшларга кенг тарғиб қилиш зарурлиги алоҳида урғу билан қайд этилганини таъкидлади. Абдуқаюм Маҳкамов ушбу учрашув ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилишини айтиб, ёшлар ва хотин-қизларнинг таълим олиши, касбий ривожи ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини ёритиб берди. Тадбирда Қашқадарё вилоят суди раис ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Камол Намазов, Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судялари Музаффар Раупов, Бегзод Остонов ҳамда Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди судяси Латўфат Муҳаммадиэва сўзга чиқиб, “Фуқаролик судларида оилавий низоларни ҳал этиш тартиби” ва “Никоҳ шартномаси ва унинг ҳуқуқий оқибатлари” мавзуларида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Маърузачилар оилавий низолар бўйича статистик маълумотларни келтириб, никоҳ шартномасидан фойдаланиш ажримлар сонини камайтиришга хизмат қилишини таъкидлашди. Оила кодексининг 29-моддасига кўра, никоҳ шартномаси эр-хотиннинг никоҳ давридаги ва ундан кейинги мол-мулк муносабатларини тартибга солувчи ҳужжат экани тушунтирилди. Якунда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Шунингдек, никоҳ шартномасининг мазмуни ва аҳамиятига оид буклетлар бўлажак оила эгалари бўлган талабаларга тарқатилди.