Ҳудудий босқичда зафар – энди навбат республика босқичига!
Қарши давлат университетида Ўзбек тили байрами ҳамда ўзбек тилига давлат мақоми берилганининг 36 йиллиги муносабати билан “Тил билимдонлари” республика танловининг ҳудудий босқичи ўтказилди.Мазкур танловда вилоятдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 20 нафар иқтидорли талаба ўз билим ва истеъдодини намоён этди. Иштирокчилар масъул кузатувчи назорати остида ўз телефонлари орқали танлов эълонида кўрсатилган телеграм ботда рўйхатдан ўтиб, ўзбек тили имло қоидалари, тиниш белгиларининг қўлланилиши, саводхонлик ҳамда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун юзасидан тузилган 50 та тест саволларига жавоб бердилар. Ҳар бир тест учун 40 сониядан вақт белгиланди. Якунда тест натижаларига кўра ҳудудий босқич ғолиблари аниқланди. Қувонарлиси, барча совринли ўринларни Қарши давлат университети талабалари эгалладилар.
1-ўрин — Филология факультети 4-босқич талабаси Феруза Жуманиёзова
2-ўрин — Филология факультети 4-босқич талабаси Мухлиса Пардаева
3-ўрин — Филология факультети 4-босқич талабаси Дилноза Норқобилова
Маълумот учун, ҳудудий босқич ғолиблари мос равишда 1-ўрин — базавий стипендия миқдорининг 4 баробари, 2-ўрин — 3 баробари ва 3-ўрин — 2 баробари миқдорида пул мукофотига эга бўладилар. Ғолиб талабаларимизни чин дилдан табриклаймиз ва уларга танловнинг республика босқичида ҳам юксак натижаларга эришишларини тилаймиз!