Докторантлар учун академик ҳаракатчанлик ва хорижий стажировкалар бўйича семинар ўтказилди
Қарши давлат университетида Инновацион ривожлантириш агентлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда докторантлар учун “Академик ҳаракатчанлик” ва “Хорижий илмий стажировкалар” мавзусида семинар ташкил этилди. Семинарнинг асосий мақсади ёш тадқиқотчиларни халқаро илмий маконга интеграция қилиш, уларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш ҳамда академик мобиллигини оширишдан иборат бўлди. Тадбир давомида иштирокчиларга хорижий стажировка дастурларида қатнашиш тартиби, грант ва академик мобиллик лойиҳаларига ҳужжат топшириш механизмлари, шунингдек, республика ва хорижий илмий марказлар билан ҳамкорлик имкониятлари юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди. Шу билан бирга, илмий натижаларни нуфузли халқаро журналларда эълон қилиш, илмий нашрлар сифатига қўйиладиган талаблар ҳамда академик тармоқларни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур семинар университетда илмий-тадқиқот фаолиятини янада фаоллаштириш, докторантларнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини ошириш ва уларни замонавий илмий муҳитга самарали интеграция қилишга хизмат қилади. Маълумот ўрнида, республика ва халқаро миқёсдаги стажировкалар учун аризалар қабули жорий йил 10-март санасидан бошланади.