Университет янгиликлари

Ўзбек тили имкониятларидан амалий фойдаланиш масалалари

24 May, 2022

Бугун Қарши давлат университетининг Ўзбек тилшунослиги кафедраси томонидан  “Ўзбек тили имкониятларидан амалий фойдаланиш масалалари” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.  Унда республикамизнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, докторант, магистрантлар ва талабалар қатнашди. Конференцияни  Қашқадарё вилоят ҳокимининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси З.Аминова очиб берди. Анжуманнинг ялпи йиғилишида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Амалий филология кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менглиев “Амалий филологик фаолият – ижтимоий зарурат” мавзусидаги маърузаси билан иштирок этиб, ўзбек тили лисоний имкониятларидан амалий фойдаланиш самарадорлигини таъминлашнинг лингвистик базасини яратиш, ўзбек тили адабий нутқи меёрлари ва уни тил эгаларида такомиллаштиришнинг амалий масалаларини тадқиқ қилиш, ўзбек (ўзбек ва она) тилининг миллий таълими концепциясини яратишнинг назарий асосларини ишлаб чиқиш каби вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.

Конференция давомида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази  директори, филология фанлари номзоди, доцент И.Азимов, Самарқанд давлат университети Филология факультети декани, филология фанлари доктори, профессор А.Пардаев, Бухоро давлат университетининг Педагогика институти таълим сифатини ошириш бўлими бошлиғи, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, дотс. Н.Ғайбуллаева, Қарши давлат университети Адабиётшунослик кафедраси мудири, ф.ф.д.,дотс. Н.Шодмонов, Ўзбек тилшунослиги кафедраси ўқитувчиси Н.Эгамов, магистр З.Холиқовалар ўз маърузалари билан қатнашиб, тилнинг ижтимоий, тарихий ва замонавий тараққиётини ўрганиш, ўзбек тили қурилишини тарихий нуқтаи назардан тадқиқ этиш, ўзбек тили матнларининг лингвистик экспертизасини амалга ошириш учун зарур миллий лингвистик технологияларни яратиш, замонавий адабий матнлар тилини танқидий баҳолаш ва муаммолар ечимига доир масалалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. ZOOM платформаси орқали ва жонли тарзда ўтказилган конференция талаба-ёшлар томонидан қизғин кутиб олинди ва барчага катта таассурот қолдирди.