Қарши давлат университетида жисмоний тайёргарлик синовлари бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–37-сон Фармони 1-иловаси 88.2-бандида Ёшларни оммавий спорт тадбирларига жалб қилиш белгиланган.

Жумладан, жорий йил 22 апрелдан 10 майга қадар давлат олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида Жисмоний тайёргарлик синовлари ўтказилади. Бугун Қарши давлат университетида спорт синовларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда сўз олганлар юртимизда ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш ҳамда ривожлантириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида спорт тадбирлари, мусобақалар ўтказиш муҳим эканлигини таъкидлашди. Спорт синовлари ихтиёрий ва махсус талаблардан иборат бўлиб, талабаларнинг чидамлилик, куч, эгилувчанлик ва тезлик имкониятларини ривожланганлик даражасини аниқлайди.

Тасдиқланган график-жадвалга асосан, спорт синовларининг дастлабки кунида География ва агрономия, Физика факультетларининг талабалари узоқ ва қисқа масофага югуриш, юриш, баскетбол саватчасига тўп киритиш, узун ва қисқа масофага сакраш, тўлдирма тўп улоқтириш, гимнастика ўриндиғидан оёқ тиззаларини букмай олдинга эгилиш каби спорт машғулотларини бажаришди.