ҚарДУ талабаси Startup Ambassadors Camp ғолиби
Ёшлар Ventures ташаббуси билан Бўстонлиқ туманидаги ёшлар оромгоҳида Startup Ambassadors Camp бўлиб ўтди. Мазкур лойиҳа доирасида мамлакатнинг 208 та туман ва шаҳарларидан 204 нафар фаол ёш 7 кун давомида стартап асослари, лидерлик, муаммо–ечим топиш, бозор таҳлили, МВП яратиш ҳамда питчинг бўйича амалий билим ва тажриба орттирди. Лойиҳа якунида барча иштирокчиларга махсус сертификат ва эсдалик совғалари топширилди. Энг фаол иштирокчилар алоҳида эътироф этилди. Жумладан, Best Team номинацияси бўйича Фарғона вилоятининг Microsoft жамоаси, Бест Cоординатор номинациясида эса Убер жамоаси вакили Аблақулова Паризода (Бухоро ва Навоий вилоятлари) ғолиб деб топилди. Шунингдек, Conclusion видео танловида 1-ўрин Microsoft, 2-ўрин Airbnb ҳамда 3-ўрин Amazon жамоаларига насиб этди. Қувонарлиси, ушбу нуфузли тадбирда Қарши давлат университети Иқтисодиёт факультети 3-босқич талабаси Насретдинова Азиза Адхамжоновна ҳам муносиб иштирок этиб, “Startup pitch” лойиҳасида 1-ўринни қўлга киритди ҳамда Қашқадарё вилояти StartUp Ambassadori сифатида эътироф этилди. “Startup pitch” лойиҳаси якунларига кўра 1-ўрин Қашқадарё вилояти, 2-ўрин Сурхондарё вилояти, 3-ўрин эса Тошкент шаҳрига насиб этди. Энг муҳими, мазкур лагерда қатнашган 204 нафар ёш эндиликда ўз ҳудудларида стартап клубларини ривожлантириш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва янги имкониятлар яратиш йўлида элчилар сифатида фаолият олиб боради.