МУРОЖААТНОМАНИНГ СТРАТЕГИК АҲАМИЯТИ

27 Декабрь 2025, 12:51
Университет янгиликлари

Давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамиша муҳим ижтимоий аҳамият касб этиб келган. Чунки ушбу ҳужжат мамлакатнинг ўрта ва узоқ муддатли тараққиёти устувор йўналишларини белгилаб бергани билан аҳамиятли саналган. Мамлакатимиз Президенти ўз Мурожаатномасида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий-маданий соҳалардаги ислоҳотларнинг асосий мақсад ва вазифаларини очиқ-ойдин ифодалаб берган. Ҳужжатда илгари сурилган ғоялар ва тамойиллар ижро ҳокимиятининг яқин келажакдаги фаолиятини мувофиқлаштириш, ислоҳотларнинг бориши устидан парламент назоратини кучайтириш имконини берган. 

Давлат раҳбари Олий Мажлисга ва халққа мурожаат қиларкан, ҳамиша жамиятдаги мавжуд муаммолар, аҳолини ташвишлантираётган масалалар ва уларни ҳал этиш йўлларини очиқ баён этган. Шунга асосланиб айтиш мумкинки, Президентнинг Олий Мажлис ва мамлакат халқига ҳар бир Мурожаатномаси давлат сиёсатининг концептуал асосларини аниқлаш, жамият ҳаётини стратегик режалаштириш, институционал ҳамкорлик, жамоатчилик назорати ва фуқаролар фаоллигини ривожлантириш имконини берувчи дастуриламал бўлиб келган.

Бу галги Мурожаатнома ҳам мамлакат тараққиётининг янги босқичидаги давлат сиёсати мазмуни ва моҳиятини, амалга оширилаётган ислоҳотлар-нинг стратегик йўналишларини ҳамда уларнинг туб мақсадларини чуқур англаш имконини тақдим этди. Ҳужжатда билдирилган ғоялар, кун тартибига қўйилган вазифалар давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, таълим-тарбия, маънавий-маърифий ҳаёт ва жамият тараққиётига доир масалаларни тизимли ва узвий ёндашув асосида қамраб олгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Мурожаатномада мамлакатнинг жадал иқтисодий равнақидан дарак берувчи факт ва рақамлар баёни катта таассурот уйғотди. Давлат раҳбарининг таъкидга кўра, бу йили биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан, ислоҳотларимиз учун мустаҳкам молиявий база бўладиган олтин-валюта захираларимиз 60 миллиард доллардан ошди. Жаҳонда ўта мураккаб вазият юзага келаётган бир вазиятда экспортимизнинг 33,4 миллиард долларга, юрт иқтисодиётига жалб этилаётган хорижий инвестициялар ҳажмининг 43,1 миллиард долларга, яъни ялпи ички маҳсулотнинг 31,9 фоизига тенг улушга етгани ҳам ғурур уйғотмай олмайди.

Президентимиз тугаб бораётган йилда аҳолига 8 миллион 100 минг квадрат метрли, 135 минг хонадондан иборат кўп қаватли уйлар топширилганини, одамларнинг ўзи ҳам яшаш шароитини яхшилаши учун 19 миллион квадрат метр майдонда қурилиш қилгани, бизнес вакиллари томонидан 24 миллион квадрат метрлик нотурар-жой объектлари барпо этилганини маълум қилди. Шунингдек, жорий йилда 5 миллион аҳоли даро-мадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушгани, қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиққани, камбағаллик даражаси эса йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушгани алоҳида эътироф этилди. Келтирилган маълумотлар она юртимизда фуқаролар турмуши фаровонлиги-ни ошириш ишлари тенденциявий тус олаётганидан далолат беради.

Мурожаатноманинг ўқтомирини Президентимизнинг 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 устувор йўналишдан иборат дастур ҳақида мулоҳазалари ва ташаббуслари ташкил этди. Давлат раҳбари келгуси йилда маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, ички бозорда талабни рағбатлантириш, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш, экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими шакллантириш билан боғлиқ масалалар диққат марказида бўлишини эътироф этди. Белгилаб берилган мазкур олти устувор йўналиш мамлакатни барқарор ривожлантириш, инсон қадрини улуғлаш ва фуқаролар фаровонлигини таъминлашга қаратилган яхлит дастур сифатида намоён бўлмоқда.

Давлат раҳбарининг олти устувор йўналишдаги вазифаларга доир мулоҳазаларидан кўринадики, мамлакат иқтисодиёти мустаҳкам пойдеворга эга бўлган, жадал ривожланишга қодир қудратли тизимга айланиб бормоқда. Жонажон Ватанимиз 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига, шу жумладан Навоийда олтин конларида маъдан қазиб олиш бўйича 320 миллион долларлик лойиҳага, “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи ҳамда кумуш конлари бўйича 2 миллиард 300 миллион долларлик лойиҳага, Олмалиқ комбинатида 2 миллиард 700 миллион долларлик лойиҳага, “Самарқанд кимё” заводида 381 миллион долларлик инвестиция ҳисобидан ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳасига, Қашқадарёда 200 миллион долларлик янги кимё заводи қурилиши лойиҳасига старт берилиши арафасида тургани айнана шундан далолат беради. “Умуман,- дея қўшича қилди давлат раҳбари, - 2026 йилда кимё саноатида – 4,5 миллиард долларлик; тоғ-кон металлургия, нефть-газ, автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари тармоқларининг ҳар бирида – 3 миллиард доллардан; электротехникада – 2 миллиард долларлик; фармацевтикада – 800 миллион долларлик янги лойиҳалар бошланади”. 

Мамлакатнинг жадал равнақига тўсқинлик қилаётган муаммолар ҳам давлат раҳбарининг эътиборидан четда қолмади. Президентимиз ана шундай муаммолардан бири сифатида коррупцияни тилга олди. “Коррупция,- дея таъкидлади у,- давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид”. Мурожаатномада ушбу таҳдидни бартараф этиш мақсадида янги йилдан барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилиши, Ҳисоб палатаси-нинг тизимлардаги нопок шахсларни аниқлашга, бюджет маблағи талон-тарож бўлишининг олдини олишга, мансабни суиистеъмол қилинишига қарши фаолиятига янгича руҳият берилиши қайд этилди. 

Юртимиз Президенти коррупция каби ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларнинг бартараф этилиши суд-ҳуқуқ тизимининг халққа яқинлаштирилиши билан боғлиқлигига урғу берди. Шу боисдан янги йилда одил судлов жараёни “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этила бошланади, тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатлари берилади, одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва роли оширилади.

Давлат раҳбари замоннинг ўзи касбий таълимни ривожлантириш масаласини кун тартибига қўяётганини уқдирди. Бу вазифани ҳал қилиш мақсадида янги йилдан бошлаб 9-синф битирувчиларини фанларни ўзлаштириши ва касбий қизиқишига қараб саралаб олиш тизими жорий этилишини, техникумларга замонавий қиёфа ва янгича муҳит олиб кирилишини маълум қилди. Президентимизнинг таъкидига кўра, 2026 йилдан бошлаб, ҳар йили камида 100 тадан техникум тўлиқ таъмирлаб борилади, техникумларда Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий қилинади. Айниқса, 2026 йилда 7 та вилоятда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникуми ва “Касблар шаҳарчаси” фаолияти йўлга қўйилиши эътирофга сазовор. Мурожаатнома олий таълим тизимини замонавий меҳнат бозори талабларига мослаштириш, инновацион тафаккурга эга, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш заруратини яна бир бор яққол кўрсатиб берди.

Мамлакат Президенти Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар нафақат давлат идоралари, балки таълим муассасалари, илмий жамоатчилик олдига ҳам янги вазифаларни қўймоқда. Хусусан, давлат раҳбари кун тартибига қўйган вазифалар университетлардаги таълим мазмунини янгилашни, илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишни ва халқаро тажрибаларни кенг жорий этишни талаб қилмоқда. Шунингдек, Мурожаатномада кун тартибига қўйилган ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар таълим муассасалари зиммасига маънавий-маърифий тарбияни кучайтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида камол топтириш, уларда фуқаролик масъулияти, ҳуқуқий маданият ва ижтимоий фаолликни шакллантириш каби муҳим миссияларни юкламоқда. 

Олий таълим нафақат йигит ва қизларни касбий билимлар билан қурол-лантирувчи, балки жамиятнинг маънавий таянчи бўлган шахсни вояга етказувчи институт сифатида фаолият юритиши лозимлиги Мурожаатномадаги асосий ғоялардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Умуман олганда, мазкур Мурожаатнома нафақат давлат ва жамият ривожининг устувор мақсадларини аниқ белгилаб берувчи дастурий ҳужжат, балки олий таълим масканлари учун ҳам стратегик йўл харитаси вазифасини ўтайди. Шу боисдан унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш таълим масканлари жамоаларининг диққат марказида турмоғи лозим.

 Дилмурод НАБИЕВ, 
 Қарши давлат университети ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор