“Лочин” янги мавсумга пухта ва мақсадли тайёргарлик кўрмоқда

21 Январь 2026, 12:06
Университет янгиликлари

Аввал хабар берганимиздек, Қарши давлат университети “Лочин” футбол клуби жорий мавсумдан эътиборан мамлакат футболидаги нуфузли мусобақалардан бири — Пролигада илк бор иштирок этади. Бу эса жамоа олдига юқори масъулият ва катта вазифаларни қўймоқда. Айни кунларда “Лочин” жамоаси янги бош мураббий Элдор Мойлиев раҳбарлигида режали тарзда машғулотлар ўтказмоқда. Таъкидлаш жоизки, Элдор Мойлиев “Лочин”га келгунига қадар “Шўртан” футбол клуби бош мураббийи сифатида фаолият юритиб, миллий чемпионатда муайян тажриба тўплаган мутахассис ҳисобланади. Қишки ўқув-йиғинлар доирасида жамоа илк назорат учрашувини ўтказиб, унда “Насаф” У21 жамоаси устидан 4:2 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди. Мазкур ўйин футболчиларнинг жисмоний ва техник тайёргарлиги, шунингдек, жамоавий ўйинда ижобий ўсиш кузатилаётганини намоён этди. Университет раҳбарияти ва мураббийлар штаби томонидан жамоани босқичма-босқич кучайтириш, таркибни ёш, истеъдодли ва салоҳиятли футболчилар ҳисобига мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ҳозирги кунда бир қатор иқтидорли ёш футболчилар саралаб олиш мақсадида кўрик-синов машғулотларидан ўтказилмоқда. Умуман олганда, “Лочин” футбол клуби Пролигада муносиб ва муваффақиятли иштирок этишни ўз олдига устувор мақсад қилиб қўйган. Жамоанинг янги мавсумдаги иштирокини мухлислар катта қизиқиш билан кутмоқда. “Лочин” жамоасига янги мавсумда омад ва зафарлар тилаймиз.