Илм-фанда сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланишда олималарнинг ўрни

16 Февраль 2026, 05:17
Университет янгиликлари

Қарши давлат техника университетида вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, вилоят “Олима” уюшмаси, вилоят “Ихтирочи аёллар” уюшмаси ҳамда вилоят “Оқила аёллар” ҳаракати ҳамкорлигида “Илм-фанда сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланишда олималарнинг ўрни” мавзусида форум ва кўргазма ташкил этилди. Тадбир доирасида вилоятдаги олий таълим муассасалари олималари ҳамда иқтидорли талаба-қизларнинг илмий-тадқиқот ишлари натижалари намойиш этилган кўргазма ташкил қилинди. Шунингдек, ҳунармандчилик буюмлари ҳам кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. Форумда сўзга чиққанлар мамлакатимизда хотин-қизларнинг илм-фан ривожига қўшаётган муносиб ҳиссасини алоҳида эътироф этдилар. Тадбир давомида “Олима аёлларнинг таълим ва фандаги ютуқлари” мавзусида илмий семинар ҳам ўтказилиб, унда докторантлар ҳамда илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчи хотин-қизлар ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Мазкур форумда Қарши давлат университети профессор-ўқитувчилари ҳамда иқтидорли талаба-қизлари ҳам қатнашди. Кўргазма жараёнида География ва агрономия факультети талабалари Машҳура Маҳмараимова, Сунбула Ғаниева, Сабина Қодирова ва Кимё-биология факультети магистранти Шаҳризода Шамсиддинова фаол иштирок этиб, ўз стартап лойиҳаларини тақдим этдилар.