“Маърифат майдони” — адабиёт ва иқтидор беллашуви

16 Февраль 2026, 11:51
Университет янгиликлари

Қарши давлат университети Филология факультетида “Маърифат майдони” республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Унда Халқаро инновацион университети, Шаҳрисабз давлат педагогика институти, Қарши давлат техника университети, Қарши давлат университети ҳамда Ахборот технологиялари ва менежмент университети талабаларидан иборат жамоалар иштирок этди. Танлов Низомига мувофиқ, 12 нафаргача таркибдаги жамоалар 3 шарт — Адиб ҳаёти, тезкор савол-жавоб ҳамда адиблар ҳаёти ва ижодидан театрлаштирилган композиция асосида беллашдилар. Кўрик-танлов тўрт босқичда ўтказилиб, ҳар бир босқичда ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра фақат биттадан жамоа кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритади. Мазкур танлов талаба-ёшларни адабиётга ошно этиш, аждодлар меросини кенг тарғиб қилиш ва уларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, 1-ўрин Ахборот технологиялари ва менежмент университетининг “Ўзбегим” жамоасига, 2-ўрин Қарши давлат университетининг “Туркистон” жамоасига, 3-ўрин эса Шаҳрисабз давлат педагогика институтининг “Ўзбегим” ҳамда Халқаро инновацион университетининг “Ҳуррият” жамоаларига насиб этди.