
Миллий либослар – миллат қиёфаси
Қарши давлат университетида “Хон атлас” ойлиги доирасида “Хон атласда кўркам либослар” мавзусида тадбир ўтказилди. Унда университет ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ш.Карамова, Умумий физика кафедраси профессори, вилоят “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбари Г.Узоқова, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Д.Жалилова, шунингдек, факультет деканларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилари ва талаба-қизлар иштирок этдилар. Санъатшунослик факультети Дизайн (либос ва газламалар) йўналиши талабалари томонидан яратилган миллий либослар кўргазмаси ва ижодий ишлари намойиш этилди. Тадбирда миллий либослар халқимизнинг қадриятлари ва маданиятини ифодаловчи маънавий мерос экани таъкидланди. Ушбу тадбир талабаларда миллий руҳиятни мустаҳкамлаш ва миллий либосларга меҳр уйғотишда муҳим аҳамият касб этди. Ёқимли куй-қўшиқлар эса тадбирга янада файз ва кўтаринки кайфият бағишлади.