БИТИРУВЧИЛАР БАНДЛИГИ – ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИДИР

28 Февраль 2026, 05:18
Университет янгиликлари

ҚАРШИ ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ БИТИРУВЧИЛАРИГА РЕКТОР МУРОЖААТИ

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 февраль куни Кўксарой қароргоҳида ўтказилган ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга бағишланган очиқ мулоқотида “меҳнат бозорини 2030 йилга қадар рақобатбардош кадрлар билан тўлдириш, ёшларга ўзига мос иш топиши учун шароит яратиш, битирувчиларнинг бандлигига кўмаклашиш, уларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш ва ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, ҳудудларнинг имкониятларини инобатга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш” масалалари устувор вазифалар сифатида белгилаб берилди.

Юқоридаги топшириқ ва вазифалар ижросидан келиб чиқиб, битирувчиларнинг иш билан бандлигини таъминлаш учун университетда барча имконият ва шарт-шароитлар яратилмоқда.

Жорий ўқув йилида университетни жами 3529 нафар талаба битириши кутилмоқда. Шундан 1859 нафари кундузги, 1399 нафари сиртқи таълим шакли ва 271 нафари магистратура мутахассисликлари битирувчилари ҳисобланади.
Келажакда Сизларнинг иш билан бандлигингизни таъминлаш бўйича университетда аниқ ва устувор вазифалар белгилаб олинган.

Сизлар учун биринчи имконият: “Келажакка қадам” дастури доирасида имтиёзли кредитлар олишингиз учун Қарши давлат университети ва “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳамкорлигида ҳудудларнинг драйвер соҳалари, шаҳар инфратузилмаси ҳамда иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб, оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш, маиший хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, ижара хизматларини ташкил этиш, асаларичилик, чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик соҳаларида бизнесларни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қадоқлаш, кўчат етиштириш, тикувчилик цехларини ташкил этиш, иссиқхона бизнесини йўлга қўйиш, қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шаҳобчаларини очиш, озиқ-овқат ва кийим-кечак дўконларини ташкил этиш, компьютер хизматлари марказларини йўлга қўйиш, гўзаллик салонлари, қаҳвахона ва овқатланиш шаҳобчаларини очиш, мини-футбол майдонларини қуриш ва бошқа бизнес лойиҳалар ишлаб чиқилиб, иқтисодчи мутахассислар томонидан тайёр ҳолатга келтирилди ҳамда Сизлар учун тадбиркорлик имкониятлари яратилди.

Сизлар учун иккинчи имконият: вилоят ҳокимияти ва университет томонидан битирувчиларни Германия давлатида қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, сервис, маркетинг хизматлари ва бошқа соҳаларда кафолатланган бўш иш ўринларига юбориш бўйича барча имконият ва шарт-шароитлар яратилмоқда.

Бу борада университетнинг “Немис тили” марказида немис тили бўйича бепул интенсив (тасдиқланган дастур асосида) тил ўргатиш курслари йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Германия давлатининг “Motiba” МЧЖ билан тузилган шартномага асосан битирувчиларни бўш иш ўринларига юбориш бўйича келишувларга эришилди.

Сизлар учун учинчи имконият: “Work and travel” халқаро дастурларида иштирокингизни таъминлаш мақсадида университет ва хорижий бандлик агентликлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Ҳозирда бўш иш ўринлари рўйхати аниқланиб, Сизлар учун тақдим этишга тайёрланди.

Сизлар учун тўртинчи имконият: университетда мавжуд 40 дан ортиқ вакант иш ўринларига, хусусан, университет қошида ташкил этилган (240 ўринли) мактабгача таълим ташкилотига, шунингдек, университетга бириктирилган 10 та техникумдаги бўш иш ўринларига жойлаштириш орқали Сизнинг бандлигингизни таъминлаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси томонидан тақдим этилган бўш иш ўринларига Сизларни ишга жойлаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинган.

Амалга оширилаётган мазкур чора-тадбирлар Сизларнинг меҳнат бозорига рақобатбардош кадр сифатида киришингиз ва ўз ўрнингизга эга бўлишингизни таъминлашга қаратилган.

Университет раҳбарияти, факультет деканлари ва мутахассислик кафедра мудирлари Сизларни юқорида кўрсатилган имкониятлардан фойдаланишга чақиради ҳамда Сизларга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр. Мен ишонаманки, ҳар бирингиз ўз келажагингизга бефарқ эмассиз. Сизнинг интеллектуал салоҳиятингиз Янги Ўзбекистон тараққиётини янада жадаллаштиради.

Қарши давлат университети 
ректори Д.Набиев