ҚарДУ талабаси республика танлови ғолиби бўлди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Келажак соати” лойиҳаси доирасидаги дарс сценарийлари танлови якунланди. Мазкур танловда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган иштирокчилар 9-май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Миллат фидойилари. Хотира ва қадрлаш” мавзусида ўз ижодий ишлари билан қатнашдилар. Танлов низомига мувофиқ, мактабларнинг 9–11-синфлари учун мўлжалланган энг яхши дарс сценарийси йўналишида Қарши давлат университети Хорижий тиллар факультети 2-босқич талабаси Нусратова Маҳбуба Усмонхон қизининг ижодий иши ғолиб деб топилди. Эътиборлиси, эндиликда юртимиздаги барча умумтаълим мактабларида 9-май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказиладиган “Келажак соати” дарслари Маҳбуба томонидан яратилган сценарий асосида ташкил этилади. Қарши давлат университети жамоаси Маҳбуба Нусратовани ушбу юксак ютуқ билан самимий табриклайди ҳамда келгусидаги фаолиятига улкан муваффақиятлар тилайди.