Янги таълим йўналишлари: имкониятлар ва тайёргарлик ўрганилди

Қарши давлат университетида 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб фаолиятини йўлга қўйиши режалаштирилаётган Олий ҳамширалик иши, Стоматология бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси (технологик таълим) магистратура мутахассислигини махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш жараёнлари доирасида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан шакллантирилган экспертлар гуруҳи университетга ташриф буюрди.

Ташриф давомида экспертлар томонидан мазкур таълим дастурларини амалга ошириш учун яратилган шарт-шароитлар, ўқув ва илмий лабораториялар, замонавий жиҳозлар, аудиториялар ҳамда университетнинг моддий-техник базаси жойига чиқиб ўрганилди. Мазкур ўрганишлар таълим дастурларининг амалдаги давлат талаблари ва сифат мезонларига мувофиқлигини аниқлаш ҳамда уларни аккредитациядан ўтказиш жараёнининг муҳим босқичи ҳисобланади.