ҚарДУ спортчилари халқаро Гран-прида муваффақият қозонди
Пара енгил атлетика бўйича Тунисда ўтказилган навбатдаги халқаро Гран-при турнири ўз якунига етди. Дунёнинг 58 мамлакатидан қарийб 500 нафар спортчи иштирок этган нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли қатнашиб, 8 та олтин, 11 та кумуш ва 11 та бронза, жами 30 та медални қўлга киритди. Қувонарлиси, мусобақада Қарши давлат университети Спорт фаолияти кафедраси ўқитувчиси Севинч Ҳусанов Т12 классида 400 метрга югуриш ва узунликка сакраш баҳсларида бронза медаль соҳибига айланди. Шунингдек, университетнинг Спорт факультети Спорт фаолияти: енгил атлетика таълим йўналиши талабаси Наврўза Ахматова Ф41 классида ядро улоқтириш баҳсларида кумуш медални қўлга киритди. Мазкур натижалар спортчиларимизнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини яна бир бор намоён этиб, уларнинг 2028-йилда Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XVIII Паралимпия ўйинларига олиб борувчи халқаро саралаш ва рейтинг жараёнларида муносиб иштирок этишига хизмат қилмоқда. Университет жамоаси спортчиларимизга келгуси мусобақаларда улкан зафарлар тилайди!