Талабалар учун маънавий-маърифий экскурсиялар ташкил этилди

Қарши давлат университетида талабалар бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг тарихий билим ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида қатор маънавий-маърифий экскурсиялар амалга оширилди. Ижтимоий фанлар факультети талабалари Ёшлар билан ишлаш бўлими тютори М.Саидов бошчилигида Бухоро вилоятига саёҳат уюштирди. Экскурсия давомида талабалар Баховуддин Нақшбанд зиёратгоҳи, “Ситораи Моҳи Хоса” саройи, Бухоро амирлигининг сўнгги амири Амир Олимхон билан боғлиқ “Арк” мажмуаси ҳамда “Лаби ҳовуз” каби тарихий қадамжоларда бўлиб, уларнинг тарихи, меъморий ечимлари ва маданий аҳамияти билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, саёҳат якунида Когон туманида жойлашган “Ботаника” эко боғига ташриф буюрилиб, у ердаги бой ўсимлик ва ҳайвонот олами, манзарали дарахтлар ҳамда дам олиш масканлари кўздан кечирилди. Математика ва компьютер илмлари факультетининг 2-босқич талабалари эса Ёшлар билан ишлаш бўлими тютори Ҳ.Ибодиллаев ҳамроҳлигида Қарши шаҳридаги “Ватанпарварлар” боғига ташриф буюрдилар. Қарийб 7 гектар майдонда барпо этилган ушбу мажмуада Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари хотирасига бағишланган музей, ҳарбий техникалар, сунъий кўл, амфитеатр ҳамда турли спорт ва машғулот масканлари мавжуд бўлиб, талабалар бу ерда юртимиз тарихига оид муҳим маълумотларга эга бўлдилар. Физика факультети талабалари ҳам Ёшлар билан ишлаш бўлими тюторлари М.Саидов ва Р.Худаяров бошчилигида университет тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ҳамда “Ватанпарварлар” боғига ташриф буюриб, аждодларимизнинг жасорати ва фидойилигини ёд этдилар.