Илм ва изланиш йўли: академик Т.Долимов фаолияти
География ва агрономия факультетида Геология-минералогия фанлари доктори, академик Тўрабек Нўмонович Долимов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда олимнинг бой илмий мероси, геология, палеонтология ва вулканизм соҳаларидаги илмий изланишлари, шунингдек, яратган илмий мактаби ва етиштирган шогирдлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Кўп йиллик илмий ва илмий-педагогик фаолияти давомида Т.Долимов 200 дан ортиқ илмий мақола, 20 та монография, 2 та луғат, 4 та дарслик ва ўқув қўлланмалар, шунингдек, бир қатор илмий ҳисоботлар ҳамда геологик хариталарни яратган. География кафедраси доцентлари Б.Эшбоев ва П.Қурбонов томонидан академикнинг илмий фаолияти, геология фанига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда соҳа ривожидаги хизматлари талабаларга атрофлича етказилди. Тадбир якунида талабаларда олимнинг илмий меросига ҳурмат, фанга қизиқиш ва тадқиқотга интилиш руҳини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.