Илм ва муваффақият сари илҳом бахш этган учрашув
Математика ва компьютер илмлари факультетида “Йил аёли – 2025” миллий танлови ғолиби, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети профессори Дилдора Муҳамедиева иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Амалий математика кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда амалий математика ва дастурий инжиниринг таълим йўналишларида таҳсил олаётган талаба-қизлар қатнашдилар. Суҳбат давомида профессор томонидан сунъий интеллект асосида кўкрак бези саратонини эрта аниқлашга мўлжалланган инновацион дастурий лойиҳа ҳақида маълумот берилди. Таъкидланганидек, мазкур ишланма бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида амалиётга жорий этилган бўлиб, юқори самарадорликни намоён этмоқда. Шунингдек, лойиҳа халқаро миқёсда ҳам эътироф этилиб, GovInsider платформасининг “Meet the Women in GovTech 2025” лойиҳасида алоҳида тақдим этилган. Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Учрашув самимий ва мазмунли руҳда ўтди.