“Олимлар ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди

Қарши давлат университети Физика факультетида “Олимлар ва ёшлар учрашуви” мавзусида илмий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда университет профессор-ўқитувчилари, олимлар ҳамда талаба-ёшлар фаол иштирок этдилар. Тадбирни Қарши давлат университетининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Бекпулатов Илхом Рустамович кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида ёшларни илм-фанга кенг жалб этиш, инновацион фикрлашни ривожлантириш ва илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ф.м.ф.д. профессор Захидов Эркин Агзамович “Олий таълим тизимида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонунчиликдаги янгиликлар” мавзусида маъруза қилиб, ёшларга яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида маълумот берди. Тадбир давомида ЎзРФА У.А.Арифов номидаги Ион плазма ва лазер технологиялари институти “Конденсирланган муҳитлар оптикаси” лабораторияси мудири, ф.м.ф.д. Қувондиқов Ваҳобжон Ортиқович “Фотосинтез тизимларида ёруғлик энергиясининг ютилиши ва фотоиндукцияланган зарядлар ташилиши механизмлари” мавзусида чиқиш қилди. Шунингдек, институтнинг етакчи илмий ходими, ф.м.ф.д. Тажибаев Илхомжон Иброхимжонович “Перовскит қуёш элементлари: тадқиқотдан амалиётга йўл харитаси” мавзусида маъруза қилиб, муқобил энергия манбалари йўналишидаги замонавий илмий ишланмалар ҳақида батафсил маълумот берди. Тадбир якунида Физика факультети декани Мейлиев Лазиз Орзиқулович сўзга чиқиб, бундай учрашувлар ёшларнинг илмий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.