Илмий нашр фаоллиги ва университет рейтингини ошириш йўлида

12 Сентябрь 2026, 04:43
Университет янгиликлари

Қарши давлат университетида 7–8-сентябрь кунлари тасдиқланган график асосида барча кафедраларнинг профессор-ўқитувчилари иштирокида илмий нашр фаоллигини ошириш, университетнинг халқаро рейтинглардаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда илмий тадқиқотлар сифатини юксалтиришга қаратилган семинар-тренинглар ўтказилди. Семинарлар давомида илмий этика ва академик ҳалоллик тамойиллари, шунингдек, Scopus, Web of Science ва бошқа халқаро илмий-техник маълумотлар базаларида индексланувчи журналларда илмий мақолаларни нашр этиш талаблари бўйича амалий тавсиялар берилди. Хусусан, илмий мақолаларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш, мақола учун муносиб журнал танлаш, плагиатнинг олдини олиш, муаллифлик этикасига риоя қилиш, иқтибослар сони ва илмий таъсир кўрсаткичларини ошириш, шунингдек, университет рейтингига таъсир этувчи асосий мезонлар юзасидан фикр ва тажрибалар алмашилди. Мазкур семинар-тренинглар сифатли илмий нашрлар улушини ошириш, академик ҳалоллик муҳитини мустаҳкамлаш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш ҳамда Қарши давлат университетининг халқаро илмий майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади.