Бутунжаҳон ижтимоий ходимлар куни

Ҳар йили март ойининг учинчи сешанбасида Халқаро ижтимоий ходимлар куни нишонланади. Бу кун ижтимоий адолат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий хизматларнинг жамият учун аҳамиятини ёдга олиш мақсадида ташкил этилган. Сана муносабати билан Ижтимоий фанлар факультетида очиқ мулоқот ташкил этилди.  Унда Фалсафа ва социология кафедраси профессор-ўқитувчилари, Ижтимоий иш йўналиши 1-босқич талабалари ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси мутахассислари — инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими бош мутахассиси Жавоҳир Боймуратов, болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш шўбаси бошлиғи ҳамда агентлик ҳузуридаги аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Қашқадарё вилояти ҳудудий маркази раҳбари Г.Ҳайитова иштирок этдилар.  Мулоқот давомида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар билан ишлашнинг замонавий ёндашувлари, турли зўравонлик шаклларидан жабр кўрган шахсларни, айниқса хотин-қизларни реабилитация қилиш ва ижтимоий ҳаётга мослаштиришда ижтимоий иш ходимларининг муҳим вазифалари ҳақида атрофлича фикр алмашилди.  Тадбир якунида талабаларнинг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилиб, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи тавсиялар берилди.