Қарши давлат университетининг таркибий тузилмасида ўзгаришлар
Қарши давлат университетида 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб янги тасдиқланган таркибий тузилмага мувофиқ факультетлар, кафедралар ва айрим таркибий бўлинмалар фаолиятида қатор ўзгаришлар амалга оширилди.
Хусусан, фаолият йўналишларини мақбуллаштириш мақсадида мавжуд факультетлар бирлаштирилиб, қуйидаги янги факультетлар ташкил этилди:
Физика-математика факультети;
Табиий фанлар ва агрономия факультети;
Иқтисодиёт ва ижтимоий фанлар факультети;
Тиллар факультети;
Педагогика, спорт ва санъат факультети.
Шунингдек, Халқаро ҳамкорлик ва қўшма таълим дастурлари бўлими, Масофавий таълим маркази, Халқаро илмий лабораториялар маркази ташкил этилди. Кафедралар фаолиятида ҳам тегишли ўзгаришлар амалга оширилиб, янги кафедралар ташкил этилди, айримлари бирлаштирилди ва номлари янгиланди. Жумладан, Роман-герман тиллари, Умумий биология ва физиология, Молия ва банк иши, Жамоат саломатлиги ва биотиббиёт фанлари кафедралари ташкил этилди. Шунингдек, Клиник анатомия кафедраси Клиник ва фундаментал тиббиёт фанлари, Агрономия ва экология кафедраси эса Экология, яшил трансформация ва агрокимё кафедраси этиб қайта номланди. Мазкур ўзгаришлар университет бошқарув тизимини такомиллаштириш, таълим ва илмий фаолият самарадорлигини ошириш, такрорланувчи функцияларни бартараф этиш ҳамда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш мақсадида амалга оширилмоқда.