Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Навоий вилоятлари олийгоҳлари раҳбарлари ҚарДУ фаолияти билан танишди
3 Ноябрь 2026, 16:00
Университет янгиликлари
Бугун Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Навоий вилоятларидаги олий таълим ташкилотлари ректорлари ҳамда тегишли соҳа проректорлари Қарши давлат университетига ташриф буюриб, олийгоҳда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, таълим сифатини ошириш борасидаги ислоҳотлар ва яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ташрифнинг дастлабки манзили Тиллар факультетининг замонавий ўқув биноси бўлди. Беш қаватли мазкур бинода француз, инглиз, корейс, немис, рус ва хитой тилларини ўрганиш марказлари, Erasmus+ дастурлари офиси, медиа студия, синхрон таржима аудиторияси, лингафон хоналари, кутубхона, тиббий муолажа хонаси ҳамда замонавий компьютер хоналари фаолият юритади. Ўқув ва лаборатория хоналари интерактив доскалар ҳамда илғор таълим жиҳозлари билан таъминланган. Шунингдек, Германияда қонуний меҳнат фаолиятини олиб боришни мақсад қилган битирувчи талабалар учун интенсив немис тили курслари йўлга қўйилган. Хитойнинг Ансин педагогика университети билан ҳамкорликда хитой тилини ўқитиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар академик алмашинувини ташкил этиш ишлари ҳам изчил давом этмоқда. Бундан ташқари, ўқув бинода PETA тест маркази ташкил этилган бўлиб, унда TOEFL, ITEP ва SАТ каби халқаро имтиҳонларни топшириш учун талабалар ҳамда Қашқадарё ёшлари учун зарур имкониятлар яратилган. Меҳмонлар таълим муҳити, халқаро ҳамкорлик ва талабалар учун яратилган имкониятлар билан танишдилар. Шундан сўнг меҳмонлар университет ҳудудида “Лочин” футбол клуби учун барпо этилган, Профессионал футбол лигаси талабларига тўлиқ жавоб берадиган замонавий стадионни кўздан кечирдилар. 1 400 нафар томошабинга мўлжалланган стадионда замонавий трибуналар, сунъий қопламали югуриш йўлаги ҳамда икки қаватли маъмурий бино барпо этилган. Шунингдек, республика миқёсидаги нуфузли тадбирларни ўтказишга мўлжалланган ва яқинда фойдаланишга топширилган муҳташам Анжуманлар саройи билан танишув ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Навбатдаги манзил — Талабаларга хизмат кўрсатиш марказида меҳмонларга рақамли хизматлар кўламини кенгайтириш ва бошқарув жараёнларини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар тақдим этилди. Агар 2024 йилда марказда 43 турдаги хизмат кўрсатилган бўлса, 2026 йилга келиб уларнинг сони 74 тага етди. Марказ фаолияти натижасида ўқув жараёнига оид ҳужжатлар рақамлаштирилди, мурожаатлар сони камайтирилди, хизматлар тегишли платформаларга интеграция қилинди, факультет ва кафедралар фаолияти оптималлаштирилди. Шунингдек, инсон омилини камайтириш орқали коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган механизмлар йўлга қўйилди. Ташриф иштирокчиларига марказ таркибида “Хавфсиз ҳудуд — хавфсиз талаба” тамойили асосида фаолият юритаётган ситуацион марказнинг вазифалари ва имкониятлари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Ташриф давомида меҳмонлар Халқаро илмий лабораториялар маркази фаолияти билан танишдилар. Ҳудуднинг долзарб муаммоларига илмий ечимлар ишлаб чиқишга ихтисослашган марказ таркибида кимё, тупроқшунослик, яшил энергетика, наноэлектроника, микробиотехнология, физиология ва сунъий интеллект йўналишларида тадқиқотлар олиб борувчи 7 та илмий лаборатория фаолият юритади. Марказ фаолиятининг асосий мақсади назарий тадқиқотларни амалий ишланмалар ва тайёр маҳсулотларга айлантиришдан иборат. Шу асосда 2030 йилгача 38 турдаги илмий ишланма яратиш, 10 та спин-офф корхона ташкил этиш ҳамда 27 миллиард сўмлик иқтисодий самарадорликка эришиш режалаштирилган. Танишув якунида Ёшлар марказида семинар ташкил этилди. Унда университет ректори Д.Набиев сўзга чиқиб, Қарши давлат университетида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, истиқболдаги режалар ва эришилаётган натижалар юзасидан тақдимот қилди. Қўлга киритилаётган ютуқлар замирида давлат раҳбари томонидан олий таълим тизимини ривожлантириш учун яратилаётган шарт-шароитлар муҳим ўрин тутиши таъкидланди.